Путин, Порошенко, Меркель ва Олланд Украина бўҳронини Минскда муҳокама қилади

11 февраль куни Минскда Россия, Украина, Германия ва Франция лидерлари иштирокида Украина шарқидаги бўҳронни ҳал қилиш бўйича музокаралар бўлиб ўтиши кутилмоқда. Бу ҳақда Германия ҳукумати расмийси Штеффен Зайберт билдирди.

“Норманд формати”даги учрашув ўтказилиши ҳақида Германия канцлери ҳамда Франция, Россия ва Украина президентлари ўртасида якшанба куни бўлиб ўтган телефон суҳбатидан кейин маълум бўлди.

Зайбертга кўра, мазкур суҳбат чоғида томонлар Украина шарқидаги зиддиятни бартараф қилишга қаратилган уринишлар доирасида кўрилажак қатор чора-тадбирларни муҳокама қилганлар. Айни маълумот Украина ва Россия расмийлари томонидан ҳам тасдиқланган.

Чоршанба куни Минскда ўтказиладиган саммитда томонлар Украина шарқида тинчлик ўрнатиш бўйича янгитдан келишувга эришишга умид қилмоқдалар.

Украина президенти Петро Порошенко ўз расмий сайтида Минск саммити Киев кучлари ва россияпараст исёнчилар ўртасида Донбассда кечаётган урушга тез орада чек қўйилишига олиб келишига ишонч билдирди.

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Минскдаги учрашувда “муҳим қарорлар қабул қилиниши”ни кутаётганини таъкидлади. Бироқ Россия президенти Владимир Путин бу борада ҳали бирор фикр билдирганича йўқ.