“Қора рўйхат”даги қирғизистонликлар Россияга тўсиқсиз кириш ҳуқуқига эга бўлди

Россияда ишлаш ва яшаш тартибини бузганликда айбланиб, миллионлаб меҳнат муҳожирлари "қора рўйхат"га тиркалган ва мамлакатдан чиқариб юборилган.

Россия миграция қонунчилигини бузгани учун “қора рўйхат”га киритилган ва Россияга кириши тақиқланган қирғизистонликларга “амнистия эълон қилинди”. Санкт-Петербургда Россия ва Қирғизистон расмийлари бу борада 19 июлдан кучга кирадиган шартномани имзолади.

Санкт-Петербургда 19 июнь куни қирғизистонлик муҳожирларга енгилликлар бериш назарда тутилган давлатлараро шартнома Россия Федерал миграция хизмати раҳбари Константин Ромадовский ва Қирғизистоннинг Москвадаги элчиси Болот Жунусов томонидан имзоланди. Шартномани имзолаш маросимида Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев ҳам иштирок этган.

- Мазкур шартнома бир ой ичида, яъни 19 июлдан кучга киради. Шартномага мувофиқ Россияга борган қирғиз меҳнат муҳожири 30 кун регистрациядан ўтмасдан яшаш ҳуқуқига эга бўлади, - деди ҚирғизистонМеҳнат, миграция ва ёшлар ишлари вазири ўринбосари Алмаз Асанбаев.

Россия Федерал миграция хизмати раҳбари Константин Ромадовский мамлакат қонунчилигини бузган 1 миллион 400 минг меҳнат муҳожирига Россияга кириш тақиқлангани ҳақида билдирган эди.

Россияда истиқомат қилиш қоидасини 120 кун бузган хориж фуқароси 3 йилга, 270 кунлик қоидабузар - 5 йилга, 1 йил ноқонуний яшаб келган муҳожир эса 10 йилга “қора рўйхати”га киритилиши белгиланган.

19 июнь куни Россия ва Қирғизистон ўртасида имзоланган шартномада мана шу “қора рўйхат”га киритилган қирғизистонликларга ҳам енгиллик берилган.

Алмаз Асанбаевнинг айтишича,“қора рўйхат”га киритилган қирғизистонликлар 10 июлдан 1 ноябргача Россияга бемолол бориб-келиш ҳуқуқига эга бўлди. Лекин бу енгиллик фақат 3 йилгача Россияга кириши тақиқлаб қўйилган муҳожирлар учун жорий этилган. Россияга 5 йил ва 10 йилга кириши тақиқланган қирғизистонликлар бу имтиёздан фойдалана олмайди.

- Бу катта енгиллик бўлди. Айни пайтда Россияда Қирғизистоннинг 190 минг фуқароси ноқонуний яшамоқда. Бу “қора рўйхат”га киритилган қирғизистонликлар сонидан уч баробарга кўп. Янги шартномага асосан, бу фуқароларнинг барчаси Москвага бемалорл бориб келиш ҳуқуқини олди. Улар 1 ноябргача янги миграция картаси асосида Россияда ҳужжатларини қонунлаштириб олиш имкониятига эга бўлди,-деди Алмаз Асанбаев.

Россия Федерал миграция хизматига кўра, ҳозир мамлакатда 3 миллион 600 минг ноқонуний меҳнат муҳожири бор.

Россия Федерал миграция хизмати мамлакатда ноқонуний яшаб меҳнат фаолияти билан шуғулланиб келаётганликда гумонланаётганларнинг ярмидан кўпини Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон фуқаролари ташкил этаётганини билдирган.