Москвада 200 минг мусулмон Ҳайит намозини ўқиди

17 июль куни Россия мусулмонлари Йид-аль Фитр – Ҳайит байрамини кенг нишонламоқда. Мамлакатнинг барча минтақаларида ҳайит намозига йиғилган миллионлаб диндорлар бир-бирларини улуғ айём билан қутладилар. Россия муфтияти тахминларига кўра, биргина Москванинг ўзида 200 минг мусулмон Ҳайит намозига келди. Россиянинг айрим ҳудудларида байрам бир неча кун давомида нишонланади.

Жума куни тонг саҳардан Москванинг марказий масжидлари бўлган- Жоме, Тарихий, Шуҳада, Ёрдам ва Инъоммасжидларига ўн минглаб россиялик ва муҳожир мусулмонлар байрам намозига йиғилдилар. Масжидлардан ташқари, Россия пойтахтининг бешта майдонида Ҳайит намозига йиғилганларга намоз учун махсус жой тайёрланди.

Мусулмонлар Москванинг Жоме масжидида Ҳайит намозида

Ўтган 2014 йилда Москвага йиғилган 300 мингдан зиёд одам туфайли шаҳар кўчаларида тиқин юзага келганини ҳисобга олган Россия муфтияти Подмосковье шаҳарларида мусулмонлар ибодатлари учун махсус майдонларни ҳозирлади. Россия мусулмонлар диний бошқармасида Москва вилоятининг яна 35 жойида мусулмонлар талабларига биноан намоз ўқиш учун шароит яратиб берилганини Озодликка билдиришди.

Россия президенти Владимир Путин байрам муносабати билан барча мусулмонларга ўз табрик сўзларини юборди.

Муҳими, мусулмон ташкилотлари Россия ҳаётида фаол иштирок этмоқда. Уларнинг давлат ва жамоатчилик тузилмалари билан ўзаро ҳамкорлиги кун сайин тараққий этиб бормоқда, ҳайрия, таълим ва маориф ишларига катта эътибор қаратилмоқда. Мусулмон жамоатининг ислом ақидаларига путур етказувчи, нифоқ ва муросасизлик уруғларини сочувчи турли экстремистик руҳдагилар ҳаракатларига қарши туриши катта ҳурматга сазовордир”, дейилади жумладан президентнинг табрик хатида.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Москвада 200 минг мусулмон Ҳайит намозини ўқиди

Россия мусулмонларига табрик сўзи билан мурожаат қилган Россия Муфтийлар кенгаши раисдоши Равиль Ғайнуддин мусулмонлар Оллоҳдан кўп миллатли ва кўп конфессияли Россия учун тинчлик, осойишталик ва руҳий куч-қувват ҳамда Украина ўлкасида тинчлик сўраб қолишларини билдирди.

Қримнинг Симферополь шаҳрида Ҳайит намози

- Биз, шунингдек, бугун Ироқ, Сурия, Яман ва Қувайт ва бошқа кўплаб юртларга ҳам Оллоҳ Таолодан Тинчлик сўраб қоламиз. Афсуски, у ерларда ҳатто муқаддас Рамазон ойида одамлар ўзларини ноинсоний ҳатти-ҳаракатлардан тия олмади. Бошқаларни ўлдирдилар, қон тўкдилар. Биз ёш болалар, аёллар ва қариялар кўз ёшларини кўрдик. Украина ерида ака-укалар бир-бирларини ўлдирмасликларини сўраймиз. Биз Оллоҳ Таолодан Украина юртига осойишталик тилаб, икки биродар халқ орасидаги урушни тўхтатиш қўлидан келадиган сиёсатчиларга ақл-фаросат тилаб қоламиз, деди муфтий Равиль Ғайнуддин.

Москвадаги Рўза байрамини нишонлашга шаҳар кўчаларига 160 мингдан зиёд одам чиққанини расман хабар қилди Россия пойтахти Ички ишлар вазирлиги бошқармаси. Аммо муфтият олиб борган ҳисоб-китобга кўра, Москвада Ҳайит намозига 200 мингдан кўпроқ одам келган.

Пойтахт полициясидан олинган маълумотга биноан, шаҳардаги Ҳайит намозга келганларнинг атиги 20 фоизи москвалик, қолганлар шаҳарга меҳнат қилгани келган муҳожирлардир. Шу мақсадда, Россия Мусулмонлар диний бошқармаси ибодат жойларига 300га яқин ўзбек, тожик, қирғиз тилларини билувчи кўнгиллиларни юборгани маълум бўлди.

Барча оммавий диний ибодатлар бўлаётган жойлар шаҳар полицияси ва кўнгиллилар томонидан қўриқланди, намоз ўқиладиган кўчалар машиналар учун тўсилди, ҳар бир майдон ва масжидга кирувчи металл детектори ва хавфсизлик ходимлари томонидан синчковлик билан текширилди. Диндорлар тинчлигини 4 мингдан зиёд хавфсизлик ходими сақлади.

Йид ал-Фитр Чеченистоннинг Арғун шаҳрида

Таъкидлаш жойизки, Россиянинг мусулмон минтақалари саналган Шимолий Кавказ федерал округи, хусусан, Чеченистон, Доғистон, Қорачой-Черкес, Қабардин-Болқор, Ингушетия ҳамда Қрим, Адигея, Татаристон, Бошқирдистон ўлкаларида муқаддас Рамазон ойининг тугаши бир неча кун нишонланади, бу саналар расмий дам олиш куни деб эълон қилинди. Масалан, Чеченистон фуқаролари тўрт кун-17дан 20 июльгача дам олиши, Доғистонда эса 18-20 июль байрам кунлари этиб белгилаб берилган.

Мусулмонларнинг кейинги йирик тадбири – 23 сентябрь куни, Қурбон Ҳайити бўлади.