Эрон президенти Ғарб билан келишувни тарихий воқеа, деб таъкидлади

Президент Ҳасан Руҳоний дунёнинг қудратли давлатлари билан Теҳрон ядровий дастури бўйича бир битимга келишиш Эрон учун тарихий воқеа эканини яна бир карра таъкидлади.

Ўтган ойда имзоланган келишувда ядровий дастурни қисқартириш эвазига Эронга нисбатан Ғарб жорий қилган санкцияларни бекор қилишга келишилди.

2 август куни жонли телевидение орқали халқига юзланган Руҳоний энг бошидан бери бундай келишувга эришиш мумкинлигига ишончи комил бўлганини таъкидлади.

Эрондаги расмий IRNA ахборот агентлиги берган хабарга кўра, Руҳоний "ҳеч қачон тушкунликка тушмагани" ва "ғалабага эришиш мумкинлигига бир сония бўлсин, шубҳа қилмагани"ни таъкидлаган.

Эрон президенти таъкидича, дунёнинг 6 қудратли давлати - АҚШ, Россия, Хитой, Буюк Британия, Франция, Германия ва Эрон ўртасидаги музокараларда эришилган муваффақиятнинг бош омили қарама-қаршилик ўрнига муттасил мулоқот йўлидан борилганидир.

Айни пайтда, у бу мулоқот натижаси, танқидларда айтилгани каби, Теҳроннинг "барча ҳарбий сирлари фош этилиши" ва оқибатда, унинг Ғарбга "таслим бўлишига олиб бормаслиги"ни ҳам алоҳида таъкидлаган.