Россия полицияси ота-онасидан тортиб олган тожик чақалоғи ўлими тергов этилиши талаб қилинмоқда

5 ойлик Умарали Назаров ота-онасидан ажратиб олиниши эртасига вафот этди

Россиянинг болалар омбудсмани Павел Астахов ҳуқуқ-тартибот идораларини Санкт Петербургда ота-онасидан ажратилган чақалоқнинг ўлими юзасидан тергов ўтказишга чақирди.

Тожикистонлик муҳожир оила чақалоғи 5 ойлик Умарали Назаров 14 октябрь куни вафот этди. Бир кун аввал унинг ота-онаси миграция қоидаларини бузганлик айби билан қисқа вақтга ҳибсга олинган.

Эр-хотин Назаровларнинг айтишларича, улар ҳибсга олинган пайтда беш ойлик чақалоқларини полиция тортиб олган, лекин беш соат ўтиб қўйиб юборилганларидан кейин болани қайтаришмаган. Полиция бола шамоллаб касалхонага ётқизилганини билдирган. Орадан бир кун ўтиб уларга Умаралининг жасади берилган.

Муҳожир оиланинг айтишича, чақалоқ тортиб олинишидан олдин соппа-соғ бўлган.

Тожикистон расмийлари Россиядан бу воқеа юзасидан тергов ўтказишни талаб қилди. Москвадаги Тожикистон элчихонасининг билдиришича, Россия Ташқи ишлар вазирлиги Умаралининг оиласига ҳамдардлик билдирган.