Лавров: Россия Туркия билан урушга кирмайди

“Туркия билан урушмоқчи эмасмиз, турк халқига муносабатимиз ўзгаргани йўқ. Турия раҳбариятигагина саволларимиз бор”, деб баёнот берди Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров.

ТАСС агентлигига кўра, Лавров Россиянинг Су-24 ҳарбий учоғига қилинган ҳужум олдиндан режалаштирилган провокацияга ўхшашлигини айтган.

“Бу ҳужумнинг беҳосдан қилинганига шубҳаларимиз бор, бу олдиндан режалаштирилган провокацияга ўхшаб кетаяпти”, деган Сергей Лавров.

24 ноябрь куни Туркия Сурияда ҳарбий амалиёт ўтказаётган Россиянинг СУ-24 қирувчи самолёти чегарани бузиб ўтгани учун уриб туширилганини билдирган.

Бироқ Москва самолёт Туркияда эмас, Сурия ҳудудида уриб туширилганини айтмоқда. Президент Владимир Путин бу воқеани “орқадан туриб берилган зарба”, деб атади ва бунинг "жиддий оқибатлари"дан Туркияни огоҳлантирди.