Туркия бош вазири: Россия Сурияда “этник тозалаш” билан шуғулланмоқда

Туркия бош вазири Аҳмет Довудўғли.

Россия Сурия шимолида сунний араблар ва туркманларга қарши “этник тозалаш” ишларини олиб бораяпти. Туркия бош вазири Аҳмет Довудўғли ана шундай баёнот берди.

“Россия Сурия режимини қўлламаётган барча туркманлар ва суннийларни шимолий Латакиядан ҳайдаб солишга уринаяпти”, деди Довудўғли чоршанба куни Истанбулда журналистлар олдида қилган чиқишида.

Туркия бош вазирига кўра, суриялик мўътадил мухолифатчилар позицияларига зарба бериш билан Россия Сурияда “Исломий давлат” экстремистик гуруҳи жангариларини кучлантираяпти.

Аввалроқ Россия ва Туркия бир-бирини “Исломий давлат” гуруҳидан ноқонуний равишда нефть сотиб олганликда айблаган.

Икки давлат ўртасидаги муносабат турк учувчилари 24 ноябрь куни Туркия-Сурия чегарасида Россиянинг Су-24 бомбардимончи самолётини уриб туширганидан кейин кескинлашиб кетган.

Анқара рус учоғи, огоҳлантиришларга қарамай, ўз ҳаво ҳудудини бузиб кирганини таъкидламоқда. Бу айбловни рад этаётган Москва эса Туркияга нисбатан санкциялар жорий қилган.

Россия учоқлари Сурияда 30 сентябрдан буён ҳаво зарбаларини амалга ошириб келмоқда. Москва бу амалиётларда ҳадаф “Исломий давлат” гуруҳи жангарилари ва бошқа экстремистик гуруҳлар позициялари эканини билдирган.

Сурия мухолифати эса Россия Башар Ассад режимига қарши мужодаладаги исёнчиларга қарши кураш олиб бораётганини таъкидлаб келади.