Рус мухолифатчилари Рамзан Қодировни судга тортишни талаб қилаяпти

Россиянинг собиқ бош вазири Михаил Касьянов ва ПАРНАС партияси вакили Владимир Кара-Мурза Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировни жиноий жавобгарликка тортишни талаб қилиб Федерал хавфсизлик хизматига ариза топширди.

Икки мухолифатчи Қодиров Instagram саҳифасида эълон қилган улар снайпер нишонига олингани тасвирланган видеони бевосита таҳдид деб баҳолаб, чечен раҳбарини жазолашни талаб қилишмоқда.

Адвокат Вадим Прохоровга кўра, Касьянов билан Кара-Мурза Қодиров устидан Россия тергов қўмитасига ҳам арз қилишни режалаштирган.

Қодиров 31 январь куни ўзининг Instagram саҳифасида эълон қилган видеода Михаил Касьянов билан Владимир Кара-Мурза снайпер мўлжали ортидан бир бири билан гаплашиб тургани тасвирланган.

Видео остидаги ёзувда: “Касьянов Стасбургга Россия мухолифати учун пул олгани келди. Тушунмаганлар энди тушунади”, дейилади.

Россиялик ҳуқуқ фаоллари ушбу видео учун ҳукуматдан муносабат талаб қилмоқда.

Қодиров ўтган ойда мухолифат вакилларини “хоинлар” ва “халқ душманлари”, дея атагани мухолифат фаолларининг чечен раҳбарини истеъфога чиқариш чақириқларига сабаб бўлди.