“Ишидчи армани”нинг хотини прокурордан маҳаллақўмлар босимидан қутқаришни сўради

Ширин Турсунова ўзи ва фарзандлари хавфсизлиги учун жиддий хавотирга тушаëтганини айтмоқда.

Ҳокимият вакилини ўлдириш ва ноқонуний экстремистик гуруҳларга алоқадорликда айбланиб¸ маҳкамадан 18 йиллик қамоқ жазоси сўралган жиззахлик балиқчи фермер Арамаис Авакяннинг хотини маҳаллий ҳокимият босими¸ ўзи ва фарзандлари хавфсизлигига таҳдидлардан юқори давлат ва ҳуқуқ тизимларига шикоят қилди.

Ўзбекистон президентидан тортиб то маҳаллий ҳуқуқ тизимларига қадар қилинган бу шикоятларга жавобан 5 февраль куни Пахтакор туман прокурори Ширин Турсуновани қабул қилган ва унинг хавотирларига қулоқ солган.

Учрашувдан сўнг Озодлик билан суҳбатлашган Ширин Турсунова¸ эри билан ижарада яшаган хонадонга уч кундан бери кечқурун номаълум эркаклар ўзини суриштириб келаëтгани¸ айни пайтда¸ ўз яқинлари яшовчи маҳаллалар раислари ота-онаси¸ опа-сингилларига мунтазам босим қилаëтганини айтади.

Ширин Турсунова тахминича¸ маҳалла раислари бевосита Пахтакор туман ҳокими Ғофур Қаршибоев кўрсатмаси бўйича ўзини ëмонотлиқ қилиш¸ ота-онаси ва яқинларини эса “бир ўзбек аëл бир армани эр учун ҳам шунча куйиб-ëнадими” деган иддао билан жамоатчилик олдида изза қилишга уринмоқда.

Бундай босимга нисбатан ўз шикоятини эшитган туман прокурори¸ Ширин Турсуновага кўра¸ мазкур ҳаракатларни унинг ҳақ-ҳуқуқини бузиш деб атаган.

Ширин Турсунова билан 5 февраль кунги суҳбат.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Ширин Турсунова билан суҳбат

4 февраль куни давлат қораловчиси маҳкамадан Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 161 ва 244-моддалари бўйича айбланаëтган Арамаис Авакянга 18 йиллик қамоқ жазоси берилишини сўради.

Ширин Турсунова¸ маҳкамага бундай айбларни тасдиқловчи бирор далил-исбот тақдим этилмагани боис адвокатлар Авакяннинг суд залидан озод этилишини сўрагани ва бутун умиди ҳакамнинг адолатли ҳукм чиқаришида қолганини айтади.

Миллати арман¸ диний эътиқодига кўра насроний бўлган Арамаис Авакяннинг Пахтакор тумани ҳокими билан балиқчилик фермаси устида очиқ зиддиятга киришганидан сўнг¸ ишидчилар сафига қўшилиш учун Сурияга кетишга уринган жиҳодчига чиқарилиши халқаро миқëсда ҳам алоҳида эътибор билан кузатилмоқда.

Авакян гарчи Ўзбекистон фуқароси бўлса-да¸ Арманистон омбудсмани ва парламент комиссияси Тошкент раҳбариятига мурожаат қилиб¸ унинг адолатли суд қилинишини таъминлашни сўради.