"Ўзбекистон ҳукумати мажбурий меҳнатдан воз кечмайди"

Маркази Вашингтонда жойлашган Халқаро меҳнат ҳақлари форуми 1 март куни Меҳнаткашлар ҳақлари ҳимоячилари халқаро мукофотининг 2016 йилги совриндорлари номини эълон қилди. Мукофотланганлар орасида ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоллари Елена Урлаева¸ Ўктам Пардаев ва Дмитрий Тихоновлар бор.

Учала фаол 2015 йил давомида Ўзбекистон пахта далаларида авж олган мажбурий меҳнат вазиятини мониторинг қилишда кўрсатган жасорати ва мамлакат пахтачилигида илдиз отган мажбурий меҳнат тизимини йўқ қилиш йўлидаги уринишлари учун тақдирланди.

Бундай фаолияти учун учала ҳуқуқ фаоли ҳам ҳукуматнинг қаттиқ босимига учради – Ўктам Пардаев16 ноябрда ҳибсга олиниб¸ Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 140-моддаси 2-қисми (ҳақорат қилганлик), 168-моддаси 2-қисми (фирибгарлик) ва 211-моддаси 2-қисми (пора берганлик) билан айбланди. Халқаро босим остида ҳукумат Пардаевни 11 январь куни суди залидан озод қилишга мажбур бўлди.

Дмитрий Тихонов эса¸ Ўзбекистон ҳуқуқ тизимлари томонидан уюштирилган турли фитна ва тазйиқлар остида яқинда мамлакатни тарк этишга мажбур бўлди.

Озодлик билан суҳбатда жиззахлик ҳуқуқ фаоли ўзи ва ҳамкасблари мураккаб шароитда ўтказган мониторинг туфайли ҳукумат мажбурий меҳнат вазиятини сал юмшатишга ҳаракат қилгани¸ аммо тузум мажбурий ва қарийб текин меҳнатдан воз кечиш қарорида эканини кўрсатувчи бирор ислоҳотга қўл урмаганини айтади:

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Ўктам Пардаев билан суҳбат

Жиззахлик ҳуқуқ фаоли Ўктам Пардаев билан суҳбат эди. Халқаро меҳнат ҳақлари форуми 1 март куни Меҳнаткашлар ҳақлари ҳимоячилари халқаро мукофотининг 2016 йилги совриндорлари номини эълон қилди. Мукофотланганлар орасида эшитганингиз каби ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоллари Елена Урлаева¸ Ўктам Пардаев ва Дмитрий Тихоновлар бор. Мазкур мукофотни топшириш маросими май ойида Вашингтонда бўлиб ўтади. Ўзбекистон ҳукумати билан чиқиш визаси олиш учун тортишиб келаëтган Ўктам Пардаевнинг бу маросимда қатнашиш имкони ҳозирча мавҳумлигича қолмоқда.