Истанбул полициясига ҳар қанақа вертолётни уриб тушириш буюрилди

Истанбул кўчаларидаги хавфсизлик кучлари, 2016 йил 18 июли.

Истанбул полицияси раҳбари Мустафо Чалишқан қўл остидаги ходимларга шаҳар узра рухсатсиз парвоз қилган ҳар қандай вертолётни огоҳлантиришсиз уриб туширишни буюрди.

Туркияда давлат тўнтариши уринишидан сўнг Истанбул кўчаларида хавфсизлик чораларини таъминлаш ва энг муҳим объектларни қўриқлаш учун бу ерга бошқа бўлгалардан 1800 нафар махсус топшириқлар бажарувчи полиция ходимлари ташланган. Бу ҳақда Туркиянинг Онадўли агентлиги хабар қилади.

Шанбага ўтар кечаси турк армиясининг бир қисми Туркияда ҳарбий тўнтариш ясашга урингани оқибатида 290 дан зиёд одам нобуд бўлган. Шу пайтгача Туркияда давлат тўнтариши уринишига алоқадорликда гумонланиб 6000 чоғли киши қўлга олинган. Уларнинг аксарияти ҳарбийлар, судьялар ва прокурорлардир.

Турк расмийлари исён учун масъулиятни ҳозирда АҚШда яшовчи руҳоний Фатҳуллоҳ Гулен тарафдорларига юкламоқдалар. Гуленнинг ўзи бу фитнага ҳеч қанақа алоқаси йўқлигини айтмоқда.