Хитой ва Россия қўшма ҳарбий машғулотлар ўтказмоқда

Россия ва Хитой Жанубий Хитой денгизида қўшма ҳарбий машқларни бошлади. Жанубий Хитой денгизида Хитой ва қўшни мамлакатлар ўртасидаги талаш ҳудудлар жойлашган.

12 сентябрь куни бошланган машқлар саккиз кун давом этади. Хитой ҳарбий флоти матбуот котиби Лианг Янг машқлар “денгиздаги оролларни эгаллаш ва бошқаришни” симуляция қилишини айтди.

Машқларда кемалар, ер ости кемалари, учоқлар, амфибия мосламалар ҳамда денгиз ҳарбийлари иштирок этади.

Янгнинг айтишича, бу машқлар Хитой ва Россия ўртасидаги стратегик ҳамкорликни оширишни ҳамда икки мамлакат армиялари ўртасидаги амалий ҳамкорликни яхшилашни кўзлайди.

Вашингтон ва унинг ҳамкорларидан ҳадиксирай бошлаган Пекин ва Москва кейинги йилларда мунтазам равишда қўшма машқларни ўтказмоқда.

Хитой Жанубий Хитой денгизи бошдан-оёқ ўзига тегишли эканлигини иддао қилиб, сунъий ороллар тармоғида ҳарбий иншоотларни қура бошлаганидан кейин ҳудудда танглик ошди.

АҚШ Хитой иддаоларига қарши чиқиш ҳамда халқаро кема йўллари ёпилишини олдини олиш учун ҳудудга бир неча марта ҳарбий кемаларни юборди.