Эмомали Раҳмон: Қўшниларимизни сувсиз қолдирмаймиз

Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон Роғун ГЭСи қурилиши ортидан Душанбе қўшни давлатларни сувсиз қолдирмаслигини айтди.

29 октябрь куни Роғун ГЭСИ тўғони қурилишининг бошланиши маросимида сўзлаган Эмомали Раҳмон “тожик халқи қўшнилари билан асрлардан бери тинчлик, осойишталик, ўзаро тушуниш ва ҳамкорлик муҳитида яшагани”ни таъкидлаб, “Бутун масъулиятни ҳис қилган ҳолда айтаманки, биз аждодларимизнинг мана шу меҳр-оқибатли анъанасини давом эттирган ҳолда, ҳар қандай ҳолатда ҳам ҳеч қачон ўз қўшниларимизни сувсиз қолдирмаймиз”, деб баёнот берди.

Тожикистон президенти Душанбе маҳаллий ҳамда хориж сармояларини жалб қилиб, Сарез кўлидан Марказий Осиё аҳолисини сифатли ичимлик суви билан таъминлаш лойиҳасини амалга оширишга тайёр эканини маълум қилди.

“Бугун биз минтақа мамлакатлари, жумладан, дўст ва биродар Ўзбекистон билан, айниқса сув, энергетика, транспорт ва бошқа соҳаларда ўзаро манфаатли бўлган яқин қўшничилик алоқаларини ўрнатдик”, деди президент.

Роғун ГЭСи тўғонини барпо этиш ишлари Ўзбекистон ҳукумати қаршилик қилаётгани оқибатида узоқ йиллардан бери бошланмаётган эди.

Собиқ президент Ислом Каримов раҳбарлигидаги Тошкент ҳукумати Тожикистонда Роғун ГЭСи қурилиши минтақа экологиясига ҳалокатли таъсир кўрсатади, деган нуқтаи назарни билдириб келаётган эди.