Молдова: президентлик сайловида Россияга мойил номзод олдинда бормоқда

Россияга мойил бўлган номзод Игорь Додон.

Молдовада якшанба куни ўтказилган президентлик сайлови иккинчи босқичининг дастлабки натижаларига қараганда, Россияга мойил бўлган номзод Игорь Додон европапараст Майя Сандудан кўпроқ овоз олди.

Марказий сайлов комиссияси 95 фоиз овозлар санаб бўлинганини ва дастлабки натижаларга кўра Социалистик партия вакили Додонга 55 фоизга яқин, "Ҳаракат ва Бирдамлик" партияси вакили Сандуга эса 44 фоиздан кўпроқ одам овоз берганини билдирди.

30 октябрда бўлиб ўтган биринчи босқичда асосий номзодлар – на социалист Игорь Додон ва на ўнг қанот либерал Майя Санду овозларнинг ярмидан кўпроғини олишга муваффақ бўлганди.

Россияпараст сиёсатчи саналган Додон Россия президенти Владимир Путин билан бир неча марта учрашган ва, агар президент этиб сайланса, Кишинёв ва Москва алоқаларини мустаҳкамлашга ҳаракат қилишини эълон қилган.

Молдова собиқ таълим вазири Майя Санду эса, аксинча, Европа Иттифоқи билан ақинлашиш тарафдоридир.

Молдовада президент сайлови охирги 20 йил ичида илк бор ўтказилмоқда. Олдин давлат раҳбарини парламент сайлар эди.