Эрон президенти Ҳасан Руҳоний Теҳрон ҳукумати АҚШ президентлигига сайланган Дональд Трампнинг Эрон ва Ғарб давлатлари ўртасида эришилган ядровий келишувни “йиртиб ташлаш”ига йўл қўймаслигини билдирди.
Бугун Теҳрон университетида қилган маърузасида Руҳоний “Трамп жуда кўп иш қилмоқчи¸ аммо унинг ҳаракатларидан бирортаси бизга таъсир кўрсата олмайди”¸ деди жумладан.
Айни пайтда Руҳоний¸ АҚШни Эроннинг душмани деб атади ва америкаликлар бизга қўлларидан келган қадар босим кўрсатишни истайди¸ деб қўшимча қилди.
Эроннинг Ғарб давлатлари билан жорий йил бошида имзолаган келишувига мувофиқ¸ Теҳрон ҳукумати ва ширкатларига жорий қилинган санкциялар юмшатилган эди.
20 январь куни АҚШ президенти сифатида қасамëд қиладиган Дональд Трамп сайловолди жараëнида бу шартномани фақат Эрон манфаатига хизмат қилувчи даҳшатли келишув деб баҳолади ва уни йиртиб ташлашни ваъда қилди.
Аммо сайловдан сўнг Трамп БМТ резолюцияси орқали тасдиқланган кўп томонлама келишувни бекор қилиш ўта оғир эканини эътироф қилди.