Қозоғистон Сурияга оид музокараларга мезбонлик қилмоқчи

Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев Суриядаги низолашаётган томонларни муросага келтириш бўйича музокараларни Остона шаҳрида ўтказиш таклифини маъқуллади.

Президент хизмати тарқатган баёнотда айтилишича, Қозоғистон Россия ва Туркия томонлари музокарачилик қиладиган бу сўзлашувларни ўтказишга ҳозирдир.

Расмий хабарда айтилишича, Назарбоев Туркия ва Россия президентлари билан телефон орқали сўзлашиб, ўз ниятини билдирган.

Ўтган куни Японияда бўлган Россия президенти Владимир Путин Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон билан Сурия президенти Башар Асад ва унинг мухолифлари ўртасида тинчлик музокараларини уюштириш устида ишлаётганини билдирган.

Икки давлат ҳукумати Ҳалаб шаҳри аҳолисини эвакуация қилиш учун музокараларга воситачилик қилди. Бу музокаралар натижасида эришилган оташкесим вақтида минглаб аҳоли уруш нуқталаридан олиб чиқилди, аммо келишув 16 декабрь куни яна бузилди.

Ҳалабда Асад қўшинлари оғир ҳужумларни амалга оширмоқда ва ҳужумлар БМТ, Ғарб ҳукуматлари томонидан кескин танқид қилинмоқда.