Новқатлик ароқхўрларни масжидда қизартиришди

Қирғизота қишлоқ масжидидаги мажлис видеосидан олинган скриншот.

Ўш вилояти Новқат тумани Қирғизота қишлоқ округида алкоголли ичимлик сотилишига тақиқ қўйилди. Бу ҳақда turmush.kg сайти Қирғизота қишлоқ ҳукумати раҳбари Бақитбек Мариповга таянган ҳолда хабар қилмоқда.

Мариповга кўра, 16 декабрь куни маҳаллий оқсоқоллар Жумъа намозида сайлов куни ( Қирғизистонда 11 декабрь куни маҳаллий кенгашларга сайлов ўтказилган) айрим ёшлар маст-аласт юргани ва қишлоқдагилар учун муаммо туғдирганидан норозилик билдирганлар.

Шундан сўнг қишлоқ ҳукумати раҳбари ароқ ичган ёшларни масжидга олиб келган. Улар ўша ерда қишлоқдошларидан кечирим сўраганлар.

Шу кундан бошлаб қирғизоталиклар қишлоқда ичкилик сотишга тақиқ қўйганлар. Улар масжидда қишлоқ ҳукумати ходимлари, оқсоқоллар ва участка нозири иштирокида комиссия тузишга қарор қилганлар. Комиссия аъзолари қишлоқдаги барча дўконни айланиб чиқиб, ичкилик сотмаслик ҳақида тушунтириш ишлари олиб борадиган бўлган.

“Тақиққа қарамай, ароқ сотадиган дўкондорларга 100 минг сўм (тақрибан 1450 АҚШ доллари – таҳр.) миқдорида жарима солинади. Бу маблағ масжид ва болалар боғчалари муаммоларини ҳал қилишга йўналтирилади. Спиртли ичимлик сотишга қўйилган тақиқ оилалардаги вазиятни яхшилашга хизмат қилади ва ёшлар тарбиясида ижобий акс этади”, деди Бақитбек Марипов.