Рус дипломатлари Вашингтонни тарк этди

Россиянинг Вашингтондаги элчихонаси.

АҚШ президенти Барак Обама фармойиши билан мамлакатдан чиқарилган рус дипломатлари Вашингтонни тарк этди. Бу ҳақда рус ахборот агентликлари Россиянинг АҚШдаги элчихонасига таянган ҳолда хабар тарқатди.

Қўшма Штатлар президенти Барак Обама 29 декабрь куни берган баёнотида Россия ҳукуматининг АҚШда ўтган сайловларга аралашувига жавоб қаторида мамлакатдан 72 соат давомида 35 рус дипломати чиқариб юборилишини билдирган эди.

Бундан ташқари Мэриленд ва Нью-Йоркдаги Россияга қарашли иккита дипломатик идора сайловга оид разведка маълумотларини тўплаганлик гумони билан ёпилади. АҚШдан бадарға қилинаётган дипломатлар ҳам разведка маълумотларини тўплашда айбланмоқда.

Барак Обама 29 декабрда Москванинг АҚШда ўтган сайловлар пайтида уюштирилган кибер ҳужумларга алоқадорлиги муносабати билан Россияга нисбатан санкцияларни кенгайтириш тўғрисида баёнот берган эди.