Душанбе Толибон танклари Тожикистонда таъмирланаётганига оид баёнотларни рад этди

Қундуз вилояти собиқ ҳокими Муҳаммад Умар Сафи толибларга қарашли танклар таъмирлаш учун Тожикистонга жўнатилаётгани тўғрисида баёнот берган

Тожикистон ҳокимияти Афғонистон расмийларининг Толибонга қарашли танклар Тожикистонда рус инженерлари томонидан таъмирланаётгани тўғрисидаги баёнотлар юзасидан текширув ўтказилаётганини билдирди.

Тожикистон Чегара агентлиги матбуот хизмати вакили Муҳаммаджон Улуғхўжаев афғон расмийларининг баёнотларини асоссиз, деб атади ва Афғонистон ОАВларида эълон қилинган маълумотлар юзасидан текширув ўтказилаётганини хабар қилди.

Ўтган ойда Афғонистоннинг Қундуз вилояти собиқ ҳокими Муҳаммад Умар Сафи толиблар қўлидаги оғир ҳарбий машиналар Тожикистонга таъмирлаш учун жўнатилаётгани тўғрисида баёнот берганини маҳаллий ахборот воситалари хабар қилган эди.

Қундуз вилояти собиқ ҳокимига кўра, рус инженерлари техникани таъмирлаб, толибларга қайта жўнатиб турган, рус армияси билан толиблар ўртасидаги ҳамкорлик икки йилдан буён давом этмоқда.

Декабрнинг бошида афғон депутатлари Россиянинг Толибон билан ҳамкорлигига оид маълумотларни текширишга қарор қилган эди.

Россия Толибон ҳаракати билан ҳамкорлик қилаётганига оид иддаоларни рад этиб келади.