CPJ Жаҳон банкини Бишкек олдига Асқаровни озод қилиш шартини қўйишга чақирмоқда

Азимжон Асқаров.

Қароргоҳи Нью-Йоркда бўлган Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси (CPJ) Жаҳон банкини умрбод қамоқ жазосига ҳукм этилган ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаровнинг озод этилишини Қирғизистон билан иқтисодий ҳамкорликни давом эттириш шарти қилиб қўйишга чақирди.

ЖБ президенти Жим Ён Кимга ёзган мактубида CPJ Асқаровга нисбатан белгиланган умрбод қамоқ жазоси унинг коррупция ва суиистеъмоллар ҳақида ёзган танқидий мақолаларига қирғиз расмийларининг жавоби бўлганини таъкидлайди.

“Асқаров ишини мустақил текшириш доирасида Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси кўплаб процессуал ҳуқуқбузарликларни, шу жумладан, қийноқ қўллаш, айбловнинг исботи йўқлиги, адолатсиз судлов ҳамда қирғиз расмийлари журналистни озод қилиш бўйича халқаро ҳамжамият чақириқларини эътиборсиз қолдириши каби ҳолатларни қайд этди. Маҳкама жараёни чоғида Асқаров ва унинг адвокати ҳужумларга учради, пировардида ҳимоя томонининг журналист жиноят содир этилган жойда бўлмагани ҳақида гувоҳлик бериши мумкин бўлган муҳтамал гувоҳлари расмийлар томонидан эътиборсиз қолдирилди ёки гувоҳлик беришдан жуда қўрқдилар”, дейилади CPJ мактубида.

Хатда БМТ инсон ҳуқуқлари қўмитаси Қирғизистон Асқаровни зудлик билан озод этиши кераклиги ҳақида қарор чиқаргани, бироқ қирғиз расмийлари ҳуқуқ фаоли иши бўйича 2016 йил июлидан қайта маҳкама бошлаганлари урғуланади.

Жаҳон банки Қирғизистоннинг энг муҳим молиявий ва техник ёрдам манбаларидан бири бўлганини урғулаган қўмита ундан расмий Бишкек олдига Асқаровнинг озод этилишини ўзаро ҳамкорликни давом эттириш шарти қилиб қўйишни сўрайди.

Ўш воқеаларида айбланиб, умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган Азимжон Асқаров 2012 йилда Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитасининг International Press Freedom Award мукофотига лойиқ топилганди.