Жеймс Мэттис "Ислом давлати"га қарши жангларни мувофиқлаштириш учун Бағдодга келди

АҚШ мудофаа вазири Жеймс Мэттис эълон қилинмаган ташриф билан Бағдодга келди. 2017 йил, 20 февраль.

АҚШ мудофаа вазири Жеймс Мэттис эълон қилинмаган ташриф билан Бағдодга келди. Бу ҳақдаги хабарга кўра, сафардан мақсад “Ислом давлати” экстремистик гуруҳини тор-мор қилиш йўлидаги ҳаракатларни мувофиқлаштиришдир.

Мэттиснинг сафари Ироқ бош вазири Ҳайдар ал-Абодий Ироқнинг шимолида, Мосул шаҳрининг ғарбий қисмида жангариларга қарши курашнинг янги босқичини эълон қилган куннинг эртасига амалга оширилди.

АҚШ мудофаа вазири Бағдодда қилган дастлабки баёнотлар сайловолди кампанияси давомида Дональд Трамп айтган баъзи гаплардан ташвишга тушган Ироқ етакчиларини тинчлантириши мумкин, дейилади хабарда. Трамп ўз кампанияси давомида АҚШ ҳарбий кўмаги эвазига Ироқнинг “нефтини олиши керак”, деб баёнот берган эди.

Бағдодга етиб келгач, Мэттис АҚШ “Ироққа нефтни эгаллаб олиш учун келгани йўқ”, деди.

АҚШнинг ҳаво зарбалари билан қувватланаётган Ироқ кучлари 4 ойдан буён мамлакатнинг нефть қазиб олинадиган асосий ҳудуди Мосул шаҳрини жиҳодчилардан тортиб олиш учун жанглар олиб бормоқда. Ироқ кучлари Дажла дарёсининг шарқий соҳили атрофларини ўз назоратига олди, бироқ жангарилар шаҳарнинг ғарбий қисмини эгаллаб турибди.

Олдинроқ эълон қилинган хабарга кўра, Бош вазир Ҳайдар ал-Абодий Ироқ ҳарбийлари Мосул шаҳрининг "Ислом давлати" экстермист гуруҳи қўлида бўлган ғарбий қисмини ишғол қилишни бошлаганини маълум қилган.

"Биз амалиётнинг янги босқичини бошлаганимизни маълум қиламиз. Биз Мосулнинг ғарбий қисмини озод қилиш учун борамиз! Ҳарбийларимиз фуқароларимизни ДАИШ ("Ислом давлати" экстермист гуруҳи - таҳр.)дан озод қилишни бошлади", деди 19 февраль куни телевидение орқали чиқиш қилган бош вазир.