Ироқ ҳарбийлари Мосул шаҳри аэропортини жангарилардан тортиб олиш учун амалиёт бошлади

Мосул шаҳрининг “Ислом давлати” жангарилари қўлида қолаётган ҳудудларини озод этиш учун курашаётган Ироқ кучлари шаҳар жанубидаги аэрпортни забт этиш учун амалиётни бошлаб юборди.

23 февраль куни мамлакат расмийлари терроризмга қарши курашувчи бўлинма аскарлари шиддатли жанглардан кейин жангарилар бошқарувидаги Ғазлоний базасига етиб борганини билдирди.

Мазкур амалиётнинг асосий мақсади Мосул аэропортини озод этишдир.

Аввалроқ Ироқ кучлари АҚШ етакчилигидаги халқаро коалиция кўмаги билан Мосул шаҳрининг ғарбий қисмини озод этиш амалиётини бошлаган эди. Ироқ расмийларининг билдиришича, 19 февралдан бери 120 квадрат километр ҳудуд жангарилар чангалидан озод қилинган.

Расмийларга кўра, ҳукумат аскарлари яқин кунларда ғарбий Мосулга кириб бориши мумкин бўлади.

Ироқ кучлари ўтган йилнинг октябрь ойида АҚШ ҳаво ҳужумлари, шиа жангчилар ҳамда курд пешмерга қўшинлари кўмаги билан шаҳарни озод этиш амалиётини бошлаган эди. “Ислом давлати” етакчиси Абу Бакр ал-Бағдодий 2014 йил Мосулда туриб Ироқ ва Сурияни ўз ичига олган халифалик эълон қилган эди.