Европа Иттифоқида Грузия билан визасиз борди-келди тўғрисидаги сўнгги ҳужжат имзоланди

Европа Иттифоқи байроғи.

Европа Иттифоқи расмийлари ва парламенти Грузия билан визасиз борди-келди тўғрисидаги сўнгги ҳужжатни 1 март куни имзолади.

Хабарда айтилишича, мазкур ҳужжат 8 март куни Европа Иттифоқининг расмий журналида эълон қилинади ва 20 кундан сўнг кучга киради.

Грузияликлар 28 мартдан бошлаб Шенген ҳудудида ҳар олти ойда 90 кун визасиз юриш ҳуқуқига эга бўладилар. Мазкур имтиёз грузияликларга Европа Иттифоқи ҳудудида ишлаш ҳуқуқини бермайди. Агар Грузиядан Европа Иттифоқига келаётган ноқонуний муҳожирлар сони кўпайиб кетса, у ҳолда виза имтиёзларини тўхтатиб туриш механизми ишга туширилади.

Грузия 2012 йилдан бери Европа Иттифоқи билан виза имтиёзлари масаласида музокаралар ўтказиб келаётган эди.

28 февралда Европа Иттифоқи Украинага виза имтиёзлари бериш масаласини ҳам муҳокама қилган эди. Бу масала Европа парламентида 2 апрель куни қайта кўриб чиқилади.