Асли ўзбекистонлик, бир неча йилдан буён Лондонда яшаётган 35 яшар Нодира Мюррей Британия профессионал кинометографияси стандартларида илк фильмини суратга олди.
- “Locked in” ("Устидан қулфланган") фильми устидаги сўнгги сайқал ишлари январ ойида тугалланди¸ шу кунларда фильмни тақдимот қилиш учун фестиваллар билан мулоқот қиляпмиз, - деди фильм продюссери¸ сценарий муаллифи¸ ҳамрежиссёри Нодира Мюррей Озодлик билан суҳбатда.
- Фильм Британиядан Ўзбекистонга депортация қилинишини кутаëтган эр-хотин Самира ва Нозим Содиқоваларнинг ҳибсхонада бошдан кечирган руҳий азоблари ҳақида. Кино сюжети реал воқеага асосланган. Бу эр-хотин Ўзбекистонда тинч намойишларга қатнашгани боис Британияга талаба сифатида келиб, қочқинлик сўраган. Аммо расмийлар бу талабни инобатга олмай, уларни Ўзбекистонга депорт қилишга қарор беришади. Улар депортация қилинадиганлар учун махсус қамоқхона ҳужрасига қулфланади. Шу ҳибсхонадаги қочқин изтироблари фильмга асос бўлди¸ дейди Нодира Мюрей Озодлик билан суҳбатда.
Нодира Мюррей
Шу кунларда экранларга чиқиши кутилаëтган филъмда 18 дан зиëд британиялик актерлар иштирок қилган. Бош ролларни эса Эстела Лефко (Esztella Levko) ва Уриел Эмил (Uriel Emil) ижро қилган.
Нодира Мюррейга кўра¸ фильм Британиядаги ҳақиқий қамоқхоналардан бирида суратга олинган:
- Фильм ҳаққонияти ва таъсирчанлигини таъминлаш мақсадида ҳақиқий қамоқхонада олишга қарор қилдик. Британиядаги ишлатилмаëтган қамоқхонани топиб, кинони ўша ерда суратга олдик.
Суҳбатдошга кўра¸ миграция мавзуси Британияда долзарб бўлгани учун ҳам бу фильмга қўл урган:
- Кейинги пайтда Британияда қочқинларга салбий муносабат шаклланди. Уларга нисбатан ирқчилик кайфиятидаги қарашлар кучайди. Кўплаб қочқинлар зўрлик билан депортация қилинмоқда. Киночи доимо ўз ҳикоясини ëзади. Мен қочқин эмасману¸ лекин уйимга қайта олмайман. Қочқинларнинг изтиробини яхши тушунганим боис олдим бу фильмни. Мақсад озгина бўлса ҳам ижтимоий фикрга таъсир ўтказиш¸ дейди суҳбатдош.
Нодира Мюррейнинг айтишича¸ у фильмнинг ранг монтажини ҳам ўзи қилган:
- Вазиятни томошабин идрокига ранглар орқали етказиш ўта муҳим бўлгани учун бу вазифани ўзим бажардим. Самира ва Нозимнинг ҳибсга олиниши тасвири ҳира рангларда аммо уларни Ўзбекистонда кутаëтган даҳшат эса ëрқин рангларда тасвирланади¸ дейди суҳбатдош.
Нодира Мюррей рақққоса ролида
Ватанига қайтиш каби энг катта қўрқув ҳиссини бошдан кечираëтган ўзбеклар ҳақида кино олган Нодира Мюррей (Нодира Алиева) Британиянинг Тошкентдаги зиддиятли собиқ элчиси, "Самарқанддаги қотиллик" китоби муаллифи Крейг Мюррейнинг рафиқасидир.
Нодира Мюррей Британияда ўзининг "Британ элчисининг раққосаси" спектакли билан машҳур бўлган эди.