Меркель Эрдўғонни Германияни нацизмда айблашни тўхтатишга чақирди

Германия канцлери Ангела Меркель.

Германия канцлери Ангела Меркель 20 март куни Ганноверда Япония бош вазири Синзо Абэ билан учрашувдан сўнг ўткизган матбуот анжуманида Туркия вазирлари Германия ҳудудида муайян шартларга риоя қилсалар, митинг ўтказишга рухсат берилишини маълум қилди.

-Бир неча кун олдин Германия ҳукумати Туркияга турк сиёсатчиларининг Германияда чиқиш қилишига немис конституцияси принципларига амал қилинган тақдирдагина рухсат берилиши борасида очиқ ойдин мужда йўллади, -деб билдирди Ангела Меркель.

Германия канцлери Туркия президенти Эрдўғонни Германияни “нацистлар сиёсатини давом эттираётганликда” айблашни сўзсиз ва ҳеч қандай шартларсиз тўхтатишга чақирди.

Берлин ва Анқара муносабатлари Туркия вазирларига Германия ҳудудида маҳаллий турклар иштирокида митинг ўтказишга рухсат берилмагани ортидан совуқлашган эди. Бунинг ортидан Анқара Германияни иккиюзлама сиёсатда ва нацизмда айблади.

Германияда ўтадиган митингларда Туркияда президентнинг ваколатларини кенгайтириш масаласи овозга қўйиладиган референдумга қўллов кўрсатиш масаласи кўтарилиши кутилаётган эди.