Ўшлик 22 яшар шахс Санкт-Петербург метросидаги портлашни содир этганликда гумонланмоқда

Қирғизистон Давлат хавфсизлик қўмитаси Санкт-Петербург метросидаги портлашни амалга оширганликда гумонланаëтган асосий шахс 22 яшар асли ўшлик Россия ватандоши Акбаржон Жалилов экани ҳақида баёнот тарқатди.

3 апрель куни метронинг икки станциясида содир этилган портлаш оқибатида 14 киши нобуд бўлди, 51 одам жароҳатланди. Мазкур портлаш Россия президенти Путин Санкт-Петербургга келган куни амалга оширилди.

4 апрель куни Санкт-Петербургда мотам куни деб эълон қилинди.
Қирғизистон Давлат миллий хавфсизлик қўмитаси матбуот котиби Роҳат Сулаймоновга кўра, Акбар Жалиловнинг портлашни содир этганликда гумонланаëтгани ҳақидаги маълумот "Россия томонидан тақдим қилинган".

Бунга қадар портлашни содир этган шахс 22 яшар қозоғистонлик эканига оид тахминлар тарқаган¸ бироқ Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси бу хабарларни рад қилган эди.

Ҳозирча бирор гуруҳ мазкур ҳужум учун масъулиятни зиммасига олмади.