Черногория парламенти НАТО га аъзо бўлиш тўғрисидаги пактни ратификациялади

Черногория парламенти.

Бу воқеа Черногориянинг анъанавий иттифоқчиси Россиянинг ҳамда россияпараст маҳаллий мухолифатнинг норозилиги фонида содир бўлди.

Черногрия парламенти депутатлари ўзларининг тарихий қарорини 28 апрел куни 46 овоз билан қабул қилди.

81 ўринли Черногория парламентининг мухолифатдаги депутатлари сессияни бойкот қилиб, овоз беришда иштирок этмади.

Мухолифатнинг бир неча юз тарафдори парламент биноси олдида йиғилиб, ўз норозилигини билдирди.

Черногория жорий йил июни бошида НАТОнинг тўлақонли аъзоси бўлиши кутилмоқда. Унгача Шимолий альянсга аъзо икки давлат – Испания ва Нидерландия бу мамлакатнинг ташкилотга қабул қилинишига розилик бериши керак. Черногория НАТОнинг 29- аъзоси бўлади.