БМТ Бош котиби Сурияда хавфсизлик ҳудудлари яратилишини олқишлади

БМТ Бош котиби Антониоу Гутерриш

Суриядаги хавфсизлик зоналари узра ҳаво макони АҚШнинг ҳарбий авиацияси учун ёпилади. Бу ҳақда Россия вакили Суриядаги қуролли можарони бартараф этиш мақсадида Остона шаҳрида ўтган сўзлашувларда баёнот берди.

Олдинроқ БМТ Бош котиби Антониоу Гутерриш Сурия бўйича музокараларда Россия, Туркия ва Эрон Сурияда хавфсизлик ҳудудларини ташкил этиш тўғрисидаги келишувга эришганини олқишлади ва айни пайтда бу зоналарда амалий натижаларга эришиш муҳимлигини таъкидлаб ўтди.

Сурияда тўртта хавфсизлик ҳудуди яратишга оид келишув 4 май куни кучга кирди.

Бу ҳудудларда зўравонликлар тўхтатилиши, гуманитар ёрдамлар киритилиши ва қочқинларнинг қайтарилиши режалаштирилмоқда.

БМТ бош котиби баёнотида келишувда белгилаб қўйилган мажбуриятларни бажариш сурияликларнинг хавфсиз бошпанага бўлган ҳуқуқини бузмаслиги лозимлиги таъкидланган.

АҚШ Давлат департаменти 4 май куни Суриядаги вазиятни изга солиш ва Суриядаги можарога барҳам беришнинг реал сиёсий ечимини излаш йўлидаги таъсирли чораларни қўллаб-қувватлаши тўғрисида баёнот берди.

Суриядаги хавфсизлик зоналари эълон қилиниши мамлакатдаги вазият ечимини излашга Эроннинг аралашишини истамаётган Суриянинг қуролли мухолифати томонидан салбий қарши олинди.

Қозоғистон ташқи ишлар вазири Кайрат Абдрахмановга кўра, Сурия бўйича музокаралар жорий йил июлида давом эттирилади:

- Биз Сурия бўйича юқори даражадаги учрашувларни Остонада шу йилнинг июль ойида давом эттиришга келишиб олдик. Мазкур музокаралардан икки ҳафта олдин Анқарада экспертлар маслаҳатлашувлари ўтказилади, -деб билдирди.