Навалний Усмоновни баҳсга чорлади

Алишер Усмонов (ч) ва Алексей Навалний (ў).

Россиялик мухолифатчи Алексей Навалний асли ўзбекистонлик тадбиркор Алишер Усмоновни дебатга чақирди. Бу миллиардер Усмоновнинг 18 майдаги видеомурожаатига Навалнийнинг жавоб ролигида акс этган.

- Бу россиялик олигархнинг илк манифестидир. Бу Навалнийга эмас, балки халққа қарата: “Агар валақлайверсангиз ва кўп савол бераверсангиз, сиз билан худди шундай гаплашамиз” қабилидаги мурожаатидир, - деди Навалний YouTube порталидаги ўз каналида ёйинланган мурожаатида.

Мурожаатда мухолифатчи Усмоновнинг коррупцияга алоқадорлигини тасдиқлаш учун келажакда унинг фаолиятини батафсил таҳлил қилиб беришни ваъда қилган.

Алишер Усмонов пайшанба куни қилган видеомурожаатида мухолифат етакчиси Алексей Навалнийдан кечирим сўрашни талаб қилганди. Асли ўзбекистонлик олигарх Коррупцияга қарши жамғарма (ФБК) асосчиси Навалнийни “жиноятчи”, “бесавод”, “аблаҳ” ва “омадсиз бизнесмен” деб атаган.