Миллий низо қўзғашда айбланаётган журналист Қирғизистондан чиқиб кетди

Журналист Улукбек Бабакулов

Қирғизистон маъмурлари томонидан миллий низо қўзғашда айбланаётган таниқли қирғиз журналисти мамлакатдан чиқиб кетганини билдирди.

Россиядаги Ferghana.ru сайти мухбири Улукбек Бабакулов 8 июн куни Қирғизистонни тарк этгани тўғрисида ўзининг Фейсбукида 12 июн куни хабар қилди.

Ferghana.ru сайтининг 11 июн куни маълум қилишича, Бишкек суди сайтни 10 июн куни, Бабакуловга айблов эълон қилинган куннинг эртасига блок қилиш тўғрисида қарор қабул қилган.

Fergana.ru бош муҳаррири Даниил Кисловнинг фикрича, сайтнинг блок қилиниши ҳам, Бабакуловга қарши айблов ҳам сиёсий мотивга эгадир. Сайт тергов якунига қадар Бабакулов билан ҳамкорлик қилишни тўхтатиб туришини эълон қилди.

Улукбек Бабакулов ўз мақоласида ижтимоий тармоқлардаги миллий нафрат қўзғотувчи постлар ҳақида ёзган.

Қирғизистон маъмурлари Бабакуловнинг мақоласини 2010 йил, Июн воқеалари арафасида атайлаб уюштирилган провокация, деб баҳолади.