Ўзбекистонда ҳисоблагични атайин ўзгартирганларга жавобгарлик кучайтирилди

Ўзбекистонда 1 июлдан бошлаб электр, иссиқлик энергияси, табиий газ, совуқ ёки иссиқ сувни ҳисоблаш ускуналарига атайин зарар келтирган, уларнинг кўрсаткичларини ўзгартиришга уринган шахслар энди жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин.

"Халқ сўзи" газетаси хабарига кўра, ҳисоблагични атайлаб ўзгартирганларга энг кам ойлик иш ҳақининг 25 бараваридан 75 бараваригача жарима ёки 240 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки бир йилгача ахлоқ тузатиш билан жазоланади.

Агарда ушбу ҳаракатлар сабабли жиддий зарар келтирилган бўлса, у ҳолда энг кам ойлик иш ҳақининг 75 бараваридан 150 бараваригача жарима ёки 240 соатдан 300 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёкм икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилгача озодликни чеклаш ёки бир йилгача озодликдан маҳрум этиш билан жазоланади.

1 июлдан бошлаб Ўзбекистонда коммунал тўловларни амалга ошириш қоидалари ҳам ўзгаради.

Ўзгаришларга мувофиқ, истеъмолчилар ҳар ойнинг 10-санасига қадар ўтган ойда истеъмол қилинган энергия ресурслари учун тўлиқ ҳисоб-китоб қилишлари шарт бўлади.