Толиблар афғон полицияси биносига ҳужум қилди, камида 5 киши ўлди

Толиблар ҳужумига учраган полиция идораси

Толиб жангарилари 18 июн куни Афғонистон шарқидаги полиция идорасига ҳужум қилди ва камида 5 полициячи ўлди.

Расмий маълумотга кўра, икки худкуш жангари бомба ўрнатилган машинани полиция биносига урган. Бир худкуш бомба жойлаштирилган белбоғини бино ичкарисида портлатган, яна икки жангари ҳужумчи эса полиция томонидан отиб ўлдирилган.

Афғонистоннинг Покистон билан чегарадош Пактия вилояти полицияси матбуот котиби Сардор Вали Табасимга кўра, бу ҳужумда яна 8 полициячи жароҳатланган.

Маҳаллий шифохонанинг исмини айтишни истамаган ходими тинч аҳоли вакилларидан 10 нафардан ортиғи турли жароҳатлар билан шифохонага олиб келинганини айтди.

Толиблар матбуот котиби Забиуллоҳ Мужоҳид ҳужум учун масъулиятни ҳаракат ўз зиммасига олишини маълум қилди.