АҚШда сўнгги 20 йилда илк бор Оқ Уй Рамазон ҳайитида зиёфат бермади

Собиқ президент Барак Обама Оқ Уйда берган ифтор, 2015 йилнинг 23 июни

Бу йил Оқ Уйда Рамазон ҳайити муносабати билан мусулмон жамоаси етакчиларига зиёфат берилмади.

Бу мамлакатнинг сўнгги 20 йиллик тарихида илк бор содир бўлди.

АҚШ президенти Доналд Трамп ва биринчи хоним Мелания Трамп 24 июн куни Рамазон ҳайитини нишонлаётган мусулмонларга ўз табригини йўллаб, баёнот эълон қилди.

"Бу байрам давомида биз раҳм-шафқат, ҳамдардлик ва эзгу ният нақадар муҳим эканини яна бир бор ёдга олдик. Дунёдаги мусулмонлар билан бирга, АҚШ ҳам бу қадриятларга ҳамиша содиқ қолади", дейилди ушбу баёнотда.

Трампга қадар АҚШнинг сўнгги уч президенти маъмурияти Рамазон ҳайитида мусулмонларга зиёфат берган ва бу маросимда АҚШдаги мусулмон жамоалари етакчилари, Конгресс вакиллари ва мусулмон мамлакатлардан дипломатлар иштирок этган.