Қирғизистонда 2016 йилда саратонга чалинган 3 ярим минг киши ўлди

Президент Атамбоев ракка чалинган беморлар билан

Қирғизистонда 2016 йилда 5 мингдан ортиқ кишига саратон касаллиги ташхиси қўйилди, булардан 3 ярим минги вафот этди.

Қирғизистон Онкология ва гемотология миллий марказининг Озодлик радиоси қирғиз хизматига берган маълумотига кўра, ўлим ҳолатларининг аксариятида беморлар шифокорларга кеч мурожаат қилган.

​"Касалликка чалиниб, шифохонага борганларнинг аксарияти хасталикнинг 3 ёки 4-босқичида бўлади. Бу босқичда кишининг ҳаётини сақлаб қолиш жуда қийин. бизга мурожаат қилган беморларнинг 60-70 фоизи шу аҳволда", дейди миллий марказ директори Эрнист Тилеков.

Ҳозир Қирғизистонда турли кўринишдаги онкологик касалликларга чалинган 25 мингга яқин бемор рўйхатга олинган.

Онкологик касалликлар Ўзбекистонда ҳам кенг тарқалган. Расмий маълумотларга кўра, мамлакатда 100 мингдан ортиқ одам саратонга чалинган. Йилига саратоннинг турли кўринишларидан 10 мингга яқин одам нобуд бўлади. Аммо, мустақил манбалар асл рақамлар расмий рақамлардан бир неча баробар ортиқ эканини айтиб келадилар.