Суриянинг Иорданияга чегарадош 3 вилоятида оташкесим кучга кирди

Суриянинг жануби-ғарбидаги Иорданияга чегарадош минтақада жойлашган Дараа, Сувайда ва Кунайтра вилоятларида 9 июл куни маҳаллий вақт билан кундузги соат 12 дан оташкесим келишуви кучга кирди.

Дастлабки маълумотларга кўра, томонлар унга амал қилмоқда ва белигланган ҳудудда ўт очишлар тўхтаган.

АҚШ президенти Доналд Трампнинг хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Ҳ.Р. МакМастер бу келишув мамлакатда тинчликка эришиш йўлидаги "муҳим қадам" эканини таъкидлади.

"АҚШ "Ислом давлати" экстремист гуруҳини енгиш ва Суриядаги низони тугатиш, аҳолининг ўз уйига қайтишига ёрдам беришда собит қолади. Оташкесим келишуви мана шу муштарак мақсадга эришиш йўлидаги муҳим қадамдир" деди АҚШ мулозими.

Оташкесим қарори Ҳамбург шаҳрида ўтган "Катта йигирмалик" саммити чоғида эълон қилинди ва келишув АҚШ, Россия ҳамда Иордания расмийлари ўртасида имзоланди.

Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров оташкесим шартлари рус ҳарбийлари томонидан назорат қилиниши, бунда ҳаракатлар "Иордания ва АҚШ билан мувофиқлаштирилган тарзда" амалга оширилишини айтди.