ОзодЕвропа/Озодлик радиоси раҳбарияти туркман журналистини озод қилишни сўради

Сапармамед Непескулиев

ОзодЕвропа/Озодлик радиоси президенти Томас Кент 11 июль куни Туркманистон ҳукуматига мурожаат қилиб¸ журналист Сапармамед Непескулиевни озодликка чиқаришни сўради.

Озодликнинг туркман хизмати билан ҳамкорлик қилган Непескулиев бундан икки йил олдин¸ БМТ ва халқаро ҳуқуқ фаоллари ишонишича¸ сиëсий асосда қамоққа олинган эди.

2015 йил 7 июлида бедарак йўқолиб¸ сўнгра қамоқдалиги ошкор бўлган Непескулиевга наркотиклар контрабандаси билан боғлиқ айб қўйилган¸ қамоқда унга нисбатан турли қийноқлар қўлланилгани айтилади.

Ўтган йил июлида АҚШ Намояндалар палатасининг етти вакили Туркманистон президентига хат ëзиб¸ журналистни зудлик билан озод қилишни сўраган эди.

Туркманистон Freedom House ташкилотининг2017 йилги матбуот эркинлигига оид ҳисоботида¸ Шимолий Корея билан қаторда дунëдаги сўз эркинлиги энг кўпбўғилган давлат деб топилган эди.