ЕХҲТ мониторингт гуруҳи Донбассда рус ҳарбийлари кузатилганини билдирди

ЕХҲТнинг Донбассдаги мониторинг гуруҳи бошлиғининг биринчи ўринбосари Александр Хуг.

ЕХҲТнинг Донбассдаги мониторинг гуруҳи бошлиғининг биринчи ўринбосари Александр Хуг кузатувчилар Украина шарқида Россия рамз белгиларига эга бўлган форма кийган ҳарбийларни кўрганларини ва ўзларини россиялик ҳарбийлар, деб атаган кишилар билан суҳбатлашганларини маълум қилди.

Хуг, шунингдек, мониторинг гуруҳи Украинанинг айримачи ҳудудларида айрим турдаги Россия қуролларини кўрганларини ҳам билдирди.

“Бироқ хулоса чиқариш ваколатига эга эмасмиз. Биз кўрган нарсамизни қайд этамиз холос”, деди Александр Хуг.

Киев ва Ғарб Москвани Донбассдаги айримачиларни ҳарбий жиҳатдан қўллаб-қувватлаётганликда айблаб келади.

Украина Қуролли Кучлари бош штабининг билдиришича, мамлакат шарқидаги айримачилар отрядларида 40 минг жанггари бор. Улардан 5 минг нафарга яқинини Россия ҳарбийлари ташкил этади. Бироқ Москва бу айбловларни инкор этмоқда.