Додон "Молдовани йўқ қилмоқчи бўлганларга қарши кураш"га чақирди

Молдова президенти Игорь Додон.

Молдова президенти Игорь Додон Гагауз мухториятига қилган сафарида ватандошларни “Руминияга қўшилиш орқали Молдова давлатчилигини йўқ қилмоқчи бўлаётганлар”га қарши курашишга чақирди.

-Биз бирга бўлишимиз шарт ва бирга бўламиз ҳам. Бизнинг бошқа ҳеч қандай йўлимиз йўқ. Биз Молдова давлатчилигини йўқ қилмоқчи бўлганларга қарши курашамиз ва бу ишни биз биргаликда амалга оширамиз, -деди Додон 19 август куни Гагаузга мухторият берилганининг 26 йиллги муносабати билан мухторият маркази Комрат шаҳрида сўзлаган нутқида.

Игорь Додон ўз нутқида Туркия ва Россияни Молдова давлатчилигининг дўстлари, деб атади.

Молдованинг Гагауз минтақаси 1990 йилнинг 19 августида ўзини мустақил давлат деб эълон қилган эди. Кишинёв бу мустақилликни ноқонуний деб топган. Орадан 4 йил ўтгач Молдова ҳукумати Гагаузга мухторият мақомини берган.

Гагаузда асосан рус тилида сўзлашувчи этник турклар яшайди. Улар насроний динининг рус провослав оқимига мансуб. Гагауздаги сайловчилар 2016 йилда ўтган Молдова президентлигига сайловда кўчилик овоз билан Игорь Додонни қўллаб-қувватлаган.