Франция ИДга қарши урушда вайрон бўлган Ироқни тиклашда ёрдам ваъда қилди

Франция Ташқи ишлар вазири Жан-Ив ле Дриан

Франция шу кунларда "Ислом давлати" (ИД)экстермист гуруҳи устидан ғалабани нишонлаётган Ироқни тиклашда ёрдам ваъда қилди.

Франция Ташқи ишлар вазири Жан-Ив ле Дриан Бағдодга сафари пайтида: "Биз урушда иштирок этдик, энди тинчлик давридаги тиклаш ишларида ҳам қатнашамиз", деб баёнот берди.

Франция АҚШ етакчилигидаги коалиция сафида туриб, ИДга қарши курашда Ироқ ҳукуматига катта ёрдам берди.

Бу экстремист гуруҳ 2014 йилда Ироқ ва Суриянинг каттагина қисмини эгаллаб олган эди.

Коалиция кўмагида Ироқ қўшинлари бу гуруҳни уларнинг пойтахтига айланган Мосулдан, 9 ойлик урушдан сўнг, сиқиб чиқарди. 26 август куни эса қўшинлар 200 минг аҳолиси бўлган Тал-Афар шаҳри марказини ҳам бу ҳудудда жон сақлаб турган экстермистлардан озод қилгани хабар қилинди.