Шимолий Корея водород бомбасини муваффақиятли синаганини иддао қилди

Шимолий Корея расмийлари узоқ масофага элтувчи ракеталарга юклаш мумкин бўлган водород бомбасини муваффақиятли синаб кўргани ҳақида баёнот тарқатди.

3 сентябрь куни давлатга қарашли оммавий ахборот воситалари берган хабарга кўра, Пхеньян ўтказган олтинчи синов “ўта муваффақиятли” бўлган ва мамлакатнинг ядро қуроли дастурини якунлашда “муҳим” қадамдир.

Бу хабар Шимолий Корея олдинги сафар ядро қуроли синовини ўтказган жойда зилзила рўй бергани қайд этилганидан бир неча соат ўтиб тарқатилди.

Япония Ташқи ишлар вазири Таро Коно ўз ҳукумати ушбу ядро қуроли синови амалга оширилганини тасдиқлашини маълум қилди. Бош вазир Шинзо Абэ ундан олдинроқ бундай синовнинг ўтказилишини “мутлақо қабул қилиб бўлмайдиган ҳаракат" деб қоралаган эди.

Расмий Пхеньян 2006 йилдан бери, Бирлашган миллатлар ташкилоти қарорларини бузган ҳолда, ядро қуроли синовларини ўтказиб келади. Бу билан у Америка Қўшма Штатлари ва дунёнинг бошқа мамлакатлар кескин норозилигига сабаб бўлмоқда.