Мексикада зилзила оқибатида 140 нафарга яқин одам ҳалок бўлди

Мексика. Қутқарувчилар ва маҳаллий аҳоли зилзила оқибатида вайроналар остида қолганларни қутқармоқда.

Мексикада 19 сентябрда юз берган зилзила оқибатида камида 138 одам ҳалок бўлди. Бу ҳақда Ройтерс агентлиги хабар берди.

Хабарда айтилишича, 7,1 балл кучланишдаги зилзила оқибатида пойтахт Мехикода ўттиздан зиёд бинолар вайрон бўлган. Зилзила оқибатида 4 миллионга яқин одам электр энергияси таъминотидан узилиб қолди.

Зилзила эпицентри Мехикодан 111 километр олисликда жойлашган Ахочьяпан аҳоли пунктидан 12 километр жануби-шарқда бўлган.

Бу сўнгги бир ой ичида Мексикада юз берган иккинчи зилзила бўлди. 7 сентябрь куни кечқурун 8 балдан кўпроқ кучланишдаги зилзила юз бергани оқибатида ҳалок бўлганлар сони камида 95 кишини ташкил қилган эди.