Қозоғистон Қирғизистоннинг норозилик нотасига жавоб қайтарди

Қозоғистон ва Қирғизистон байроқлари.

Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги 20 сентябрь куни Қирғизистон ҳукуматининг норозилик нотасига жавоб қайтарди. Бу ҳақда Tengrinews.kz сайти Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизматига таянган ҳолда хабар берди.

20 сентябрь куни эрталаб Қирғизистон ҳукумати президент Нурсултон Назарбоев Қирғизистон президентлиигига номзод Ўмурбек Бабанов билан Олмаота шаҳрида учрашгани муносабати билан Қозоғистонга норозилик нотаси топширган эди.

Нотада Назарбоев бу учрашув орқали "Қирғизистоннинг ички ишига аралашаётганликда ва қирғиз сайловчилари танловига таъсир кўрсатишга уринаётганликда" айбланган эди.

Қозоғистоннинг жавоб нотасида Бишкек ҳукуматининг бу айбловлари инкор этилган. Қозоғистоннинг билдиришича, Назарбоевнинг таниқли қирғиз сиёсатчилари билан учрашувлари анъанага айланган ҳамда бу халқаро тажрибага зид келмайди.

“Бундан аввал Назарбоев Қирғизистон президентлигига номзод Сўўрўнбай Жээнбеков билан ҳам учрашган”, дейилади Қозоғистоннинг жавоб нотасида.