Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Қрим аннексиясини тан олмаслигини билдирди. Унга кўра, Туркия “Украина суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини қўллашда давом этади”. Бу баёнотни Эрдўғон Киевда Украина президенти Петр Порошенко билан музокаралардан кейин ўтказилган матбуот анжумани чоғида берди.
“Туркия Россияга қарши санкциялар жорий қилишга тайёрми?” деган саволга Эрдўғон “Қрим масаласи нозик масала бўлиб ҳисобланади” деб жавоб берди ва Анқара асоратда қолган қрим татарларига ёрдам беришга уринаётганини қўшимча қилди. Шунингдек, у Туркия қрим татарларига Киев томонидан берилаётган дастакдан жуда мамнун эканини қайд этди.
Киевдаги учрашувда Эрдўғон ва Порошенко туризм, энергетика ҳамда мудофаа саноатига оид соҳаларда ҳамкорлик қилиш масалаларини муҳокама қилганлари айтилмоқда.