"Назарбоев қозоқ-қирғиз чегарасидаги чекловларни олиб ташлашни буюрди"

Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев Қирғизистон бош вазири Сапар Исақов билан, Сочи, 2017 йил 11 октябри.

Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев Қирғизистон бош вазири Сапар Исақов билан музокарадан кейин “чегарада юзага келган барча муаммоларни ҳал қилиш” ҳақида қозоқ расмийларига топшириқ берган. Бу ҳақда Қирғизистон ҳукумати аппарати маълумот тарқатди.

Назарбоев Исақов билан 11 октябрь куни Сочида ўтаётган МДҲ давлат раҳбарлари саммитида учрашган. Исақов унга чегарадаги вазиятдан қирғизистонликларгина эмас, Қозоғистон ва учинчи давлат ватандошлари ҳам азият чекаётганини айтиб берган.

Қирғиз-қозоқ чегарасида вазият 10 октябрь куни таранглаша бошлаган. Қирғизистон Давлат чегара хизмати маълумотига кўра, Қозоғистон чегарада назорат ва текширувни кучайтирган. Пировардида ўтказиш пунктларида турнақатор навбатлар вужудга келган. Асосий ўтказиш масканларидан бири бўлган “Қўрдай”да Қозоғистон томони қуролланган ҳарбийлар билан блокпостлар қўйган.

Кейинроқ Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси чегарада режа асосида текширув ўтказилаётгани, ҳеч қанақа чеклов киритилмагани ҳақида маълумот тарқатган.