Россиялик телебошловчи Ксения Собчак 2018 йилги сайловда президентликка номзодини қўйиши ҳақида расмий баёнот тарқатди.
К.Собчак беш йилдан буён мухолифатчилар ва ўн минглаб бошқа одамлар билан биргаликда митингларга чиқиб, ўзгаришлар талаб қилаётгани, бироқ бу ўзгаришлар содир бўлмаётганини билдирди.
“Ўғри ва порахўрлар ёлғон тўқишда, ҳокимият тепасидагилар эса ўғирлашда давом этмоқда”, деди Собчак. Телебошловчига кўра, президент сайловидаги иштироки билан у сайловчиларга “ҳаммага қарши” овоз бериш имкониятини қайтармоқчи. “Ксения Собчак – ҳаммага қарши бўлган номзод”, дея билдирди у.
К.Собчак президентликка номзодини қўйиши мумкинлиги ҳақида шу йил сентябрь ойида маълум бўлганди. ОАВ маълумотларига кўра, телебошловчи давлат раҳбари лавозимига президент Путин маъмурияти розилиги билан номзодини қўймоқда. Собчакнинг ўзи Кремль келишганига оид иддаоларни рад этди.
2018 йилги президент сайловида иштирок этишни мўлжаллаган мухолифатчи Алексей Навальний К.Собчакни “кулгили либерал номзод” деб атаб, уни танқид қилган. Бунга жавобан Собчак Навальнийни мухолифатни парчалаганликда айблаб, унга “кучларни бирлаштириш”ни таклиф қилган.
Кремль вакиллари Собчакнинг сайловда иштирок этиш нияти “Конституция моддасига тўла мувофиқ келиши”ни билдирганлар. Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков телебошловчини “иқтидорли инсон” деб атаган.