Баҳрайннинг газ қувуридаги портлашга алоқадор, деган айбловини Эрон рад этди

Iranian foreign ministry spokesman, Bahram Ghasemi speaks during a press conference in Tehran, on September 27, 2017.

Эрон томони Баҳрайнга қарашли асосий газ қувурининг портлашига алоқадорлигига оид айбловларни "асоссиз ва арзон-гаров", деб рад этди.

12 ноябрь куни баёнот берган Эрон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Баҳром Қосимийга кўра, Байҳрайн раҳбарлари "бунақа мантиқсиз ва ёлғон баёнотларни бериш, болаларча ўйин ўйнайдиган замонлар тугаганини тушуниши лозим".

Бунга қадар Баҳрайн Ички ишлар вазири шайх Рашид ибн Абдуллоҳ ал-Ҳалифа 10 ноябрь куни оқшом Бурий қишлоғи яқинидан ўтган газ қувурида содир бўлган портлашни "даҳшатли террор акти", деб атади.

"Сўнгги вақтларда мамлакат аҳли гувоҳ бўлган террорчилик актлари Эрон орқали тўғридан-тўғри алоқалар ва кўрсатмалар асосида амалга оширилган", деди, жумладан, Абдуллоҳ ал-Ҳалифа.

Аҳолисининг катта қисми шиа мусулмонларидан иборат бўлган Баҳрайн ҳокимияти вакилларининг аксарияти сунний мусулмонлардан иборат. Бу давлатда маҳаллий шиалардан иборат жангари гуруҳларнинг ҳужумлари тез-тез содир бўлиб туради. Бунга жавобан ҳукумат шиалардан иборат мухолифлар ва ўзгача фикрловчиларни таъқиб қилиш ва қамаш амалиётларини давом эттириб келади.

Баҳрайн раҳбарияти мамлакат барқарорлигини бузувчи амалиётлар ортида Эрон турибди, деб даъво қилиб келади. Эрон томони эса бу айбловларни рад этади.