Олмаота марказий кўчасига Нурсултон Назарбоев номи берилди

Нурсултон Назарбоев Қозоғистонни 1989 йилдан бери бошқармоқда.

Қозоғистоннинг энг катта шаҳри ва олдинги пойтахти Олмаота шаҳрининг марказий кўчасига жорий президент Нурсултон Назарбоев номи берилди.

Олмаота шаҳар кенгаши адвокати Берик Манизоровнинг Озодликка билдиришича¸ шаҳар кенгашининг 30 ноябрь кунги йиғилишида марказий кўчадан Дмитрий Фурманов номини олиб ташлаб¸ уни Нурсултон Назарбоев авенюси деб номлашга қарор қилинган.

Мустақилликдан сўнг Қозоғистондаги аксар совет ном ва атамалари кўчалардан олиб ташланган бўлса ҳам¸ Қизил армия командири Василий Чапаев ҳақидаги китоб муаллифи Дмитрий Фурманов номи Олмаотада сақланиб келди.

1989 йили Қозоғистон коммунистик партияси 1-котиблигига тайинланган Нурсултон Назарбоев 1991 йили Қозоғистон мустақил бўлгандан бери унинг ягона президенти бўлиб қолмоқда.

Аксар қозоғистонликлар Назарбоев даврида қурилган мамлакат янги пойтахти – Остона шаҳрига ҳам келажакда Нурсултон Назарбоев номи берилишини тахмин қилмоқда.