Саакашвили Украина президенти бўлиш ниятида эмаслигини айтди

Михаил Саакашвили.

Михаил Саакашвили 12 декабрда Озод Европа-Озодлик ва Америка овози радиоларининг қўшма лойиҳаси бўлган “Настояшее время” телеканалига берган интервьюсида Украина президенти бўлиш истагида эмаслигини айтди. Саакашвилига кўра, бу лавозимга доимо этник украин сайланиши лозим.

- Украинада нормал ҳокимият шаклланиб, менга нисбатан суд жараёнлари тўхтатилса, менга Украина ватандошлиги қайтарилса, бу ерда сиёсий фаолият билан шуғулланаман. Менда Украина президенти бўлишга интилиш йўқ, - деди Саакашвили.

Саакашвили Украинага Россиядан кўра кўпроқ ички душман - коррупция зарар келтираётганини таъкидлади.

Киев суди 11 декабрда мухолифат лидери Михаил Саакашвилини ҳибсдан озод этган эди. Суд жараёнида прокурорлар Саакашвилига уй қамоғи эҳтиёт чораси белгиланишини илтимос қилган, бироқ суд бу илтимосни қаноатлантирмаган. Саакашвили "жиноий ташкилот билан ҳамкорлик қилишда" айбланмоқда.