Остона: Сурия ва Ироқда қозоғистонлик юзлаб бола бор

Қозоғистон расмийларига кўра, Сурия ва Ироқдаги можаролар кечаётган ҳудудда қозоғистонлик 390 нафар бола бор.

"214 нафар ўғил бола ва 176 нафар қиз бола. Бу катта рақам", — дея баёнот берди Қозоғистон миллий хавфсизлик қўмитаси (МХҚ) раисининг ўринбосари Нургали Билисбеков 12 декабрь куни Остонада.

"Сўзсиз, болаларни реабилитация қилиш масаласида олдимизда катта ишлар турибди", - деди Билисбеков Қозоғистон парламенти сенати йиғилишида қилган чиқишида.

Қозоғистон расмийлари маълумотига кўра, сўнгги бир неча йилда “қайноқ нуқталар”дан 63 бола ватанга қайтарилган. МХҚ раҳбари ўринбосарининг сўзларига қараганда, яна камида 50 нафар боланинг олиб келиш кутилмоқда. "Бу рақамлар хақиқатга тўғри келади, дея тўлалигича кафолат бера олмаймиз", - дея қўшимча қилди Билисбеков.

Жорий йилда Қозоғистон ҳукумати Конституцияга ўзгартиш ва қонунларга тузатиш киритди: эндиликда террор ҳодисаларини уюштирган ва бошқа оғир жиноят содир этган шахсларни Қозоғистон ватандошлигидан маҳрум қилиниши мумкин.