Эронда ҳукумат тарафдорлари кўчаларга чиқди

ЭРОН - Қум шаҳрида ҳукумат тарафдорларининг намойиши. 2018, 3 январь.

Эрон давлат телевидениеси ҳукуматнинг ўн минглаб тарафдорлари мамлакат кўчаларига намойишга чиққанини хабар қилмоқда. Бу ҳукуматга қарши норозилик намойишларига жавоб бўлди. Норозилик намойишлари бир неча кун намойишчилар билан хавфсизлик кучлари ўртасида ўнлаб кишиларнинг ўлимига сабаб бўлган тўқнашувлардан сўнг бир кечада тиниб қолди.

Эроннинг инглиз тилида ахборот тарқатувчи Press TV давлат телеканали 3 ноябрь куни ҳукуматни ёқлаб намойишга чиққан кишиларни кўрсатди. Эрон байроқларини кўтариб олган намойишчилар диний раҳнамолар ҳукуматини қўллаб-қувватлаётган эди.

Европа мамлакатлари раҳбарлари ва Америка Қўшма Штатлари “одамлар қурбон бўлганига тоқат қилиб бўлмаслиги”ни айтиб, юзлаб ҳукуматга қарши намойишга чиққан кишилар ҳибсга олинганини қоралади.

Эроннинг олий раҳбари Оятуллоҳ Али Хаменеи “Эрон душманлари”, жумладан, Америка Қўшма Штатлари “пул, қурол, сиёсат ва разведка хизматлари” ёрдамида одамларни ҳукуматга қарши намойишларга чиқишга ундади.

Аксил-ҳукумат намойишлари 28 декабрда Машҳад шаҳрида гўшт ва тухум каби асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг кескин ошишиортидан бошланиб кетди.

Улар қисқа фурсат ичида бошқа шаҳарларга ҳам ёйилди.Намойишлар давомида 22 киши, шу жумладан 1 полиция ходими ҳалок бўлди.